Адрес:
Республика Узбекистан, Нукус, посёлок Кызкеткен б/н.
Молочные продукты для Вашей семьи!

Панаевлар ва панаинновациялар

« Назад

Панаевлар ва панаинновациялар 17.08.2018 17:29

Қорақалпоғистон Республикасида хусусий сектор ривожига муносиб ҳисса қўшаётган “Panaev farms”,“Panamilk”, “Panastely”, “Grand castle”, “Ramzan group” сингари бизнес тузилмаларини O‘zLiDePнинг фаол ва ташаббускор аъзолари бошқаради

Аввал панаинновация атамасини эшитмаган бўлсангиз, луғатлардан ахтариб ўтирманг. Ҳали Википедияга киритилмаган. Лекин яқин орада оммалашиш эҳтимоли кучли. Демак, ушбу қўшма сўзнинг келиб чиқишига изоҳ берилиб, тасдиқловчи далиллар ҳам келтирилади.

“Panasonic”ни биласиз: pana – қадимги юнон тилида ҳаммаси, sonic – овоз (товуш), яъни овоз чиқариш билан боғлиқ ҳамма нарса дегани. “Panamilk” эса сут билан боғлиқ барча маҳсулотлар маъносида қўлланилиши баробарида мазкур компаниянинг Панаевларга тегишли эканини билдиради. Америка ва Африка қитъаларида panaасосан жой номлари сифатида кўп ишлатилади. Испан тили диалектларида бу сўз “яхши”, “фойдали”, “дўс­тона” маъноларини англатади. Модомики, панаинновация – ҳаммаси янги ғоялар, илғор технологиялар, ишланмалар, ихтиролар, теша тегмаган таклифлар, фойдали тавсиялардир. Даққиюнусдан қолган одатлардан воз кечиб, янгиликлар жорий этиш мақсадида қатъий интилиш, умумий жараёндан бир қадам олдинда юришдир.

Масалан, Панаевлар Марказий Осиёдаги дастлабки чорвачилик онлайн аукциони – энг сўнгги русумдаги компьютерлар ва телевидео­техникалар билан жиҳозланган замонавий бозор фаолиятини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурмоқда. Қорамоллар касалликлари олдиндан текширилган, ювиб-таралган лот сифатида савдога қўйиладиган мазкур аукционда сотувчию олувчига лицензияли брокерлар, дипломли ветеринарлар хизмат кўрсатади. Иштирокчилар учун юмшоқ ўриндиқлар, турфа ичимликлар таклиф этилади. Бу билан ўроқда йўқ, машоқда йўқ, аммо хирмонда ҳозир даллолларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига, балчиқли, чанг ва қўланса ҳидли мол бозорларига барҳам берилади. Тўловлар киссага эмас, кассага тушади.

Инновацион ёндашув асосида Оролбўйида агротуризмни ривожлантириш, “AgroTV” телеканали, чўлга саёҳат хизматларини ташкил этиш, чорвадорлар бизнес мактаби ва Европа стандартларидаги малака ошириш курсларини очиш бўйича қатор бизнес-лойиҳалар тайёрланган...

Чанқовуз, дакан хўроз, аквариум балиқлари

Қутлимурат Кегейлида туғилган. Уч ёшлигида ота-онаси Нукусга кўчиб ўтган. Синфдош­лари роса кўп. Чунки ўнинчини тугатгунча тўртта мактабда ўқиган. Яхши маънодаги хаёлпарастнинг яхлит намунаси. Чанқовуз чалиш, дакан хўроз, каптар ва аквариумда балиқ боқиш – болаликдаги машғулотларининг айримлари холос. Кимда ёхуд қаерда зотдор ит бўлса, унинг назаридан четда қолмасди. Раҳматли отаси Бердимурат аканинг шапалоғи “таъми”ни татиб кўргани ҳам рост. Аслида айб ўзида эди. Ҳадеб аквариум атрофида ўралашмасдан, кўпроқ китоб ўқиш керак, деган ўгитга амал қилмагани учун раҳматли падари бузруквори шундай чора кўрган экан...

Ким учундир оддий ҳолат бўлиб туюладиган мана шу воқеа Колянинг (уни яқиндан таниганлар ҳозиргача шундай чақираркан) ҳаётида бурилиш ясаган, десак муболаға қилмаймиз. Бунда онасининг ҳиссаси беқиёс. Сулико опа ўғлига тегадиган калтак ўзига тегса камроқ озор чекарди. Шунинг учун ҳам отанинг гапини икки қилмаслик ҳақидаги халқона ҳикмат моҳиятини тўнғичига сингдиришнинг уддасидан чиқди. Хоббидан бутунлай айирмаган ҳолда мутолаага қизиқиш уйғота олди.

2340

Қутлимурат деганимиз тадбиркорлиги билан танилган, оилавий корхоналар ташкил этишда ўзига хос муваффақият қозонган Панаевлар хонадонининг каттаси – жигарларига ота ўрнида ота. Укалари ва ўғиллари ҳам ишбилармон доираларда шахсий дастхатига эга. Хусусан, кенжа фарзанди Темурбек экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи пишлоқ тайёрлаш сиру синоатларини Италиянинг Кремона шаҳрида малака оширганида пухта ўрганган.

Ўн етти яшар йигитчанинг юртдан олисда бутунлай бегона инсонларнинг инжиқликларига чидаб, олдига қўйган мақсадига эришиш учун эринмай сабоқ олиши ўтмишдаги аждодларимизнинг илм истаб дунё кезгани, мусофирликда кун кечиргани, жадид боболаримизнинг Оврўпо таж­рибасини ўрганишдаги ғайратини ёдга солади.Оққан дарё оқмай қолмаслиги хусусидаги донолар фалсафаси хаёлингизни банд қилади. Аваз Ўтар айтмоқчи, ўзгалар тилини билганга олам аёнлиги тўғрисидаги фикрлар ижобати кўз олдингизда намоён бўлади.

– Сифатли пишлоқ ишлаб чиқариш учун сифатли сут керак, – дейди кичик Панаев. – Яхши сутни эса тўйимли озуқа билан таъминланган наслдор сигирлар беради. Озиқлантириш вақтининг ўзгариши, тўйимлилик даражасининг тушиши ёки ошиши сут сифатига таъсир кўрсатади.

Қораўзак туманида жойлашган “Panaev farms” фермасига Бавариядан олиб келинган сигирларнинг маҳсулдорлик кўрсаткичлари юқори – кунига 20 литр. Сутнинг ёғлилик даражаси камида 3,6 фоиз. Улар мумтоз мусиқа садолари остида, замонавий технологиялар меъёрлари асосида озиқлантирилади. Бунинг боисини сўрасангиз чорвачиликдаги креатив усуллар билан боғлиқ бир олам маълумотларга эга бўласиз.

Фермада соғиб олинган сут махсус транспорт воситаларида Нукус тумани Қизкетган қўрғонидаги “Panamilk” инновацион сут заводига жўнатилади. Италиянинг “Inventaagri” компаниясидан харид қилинган технологик линия конвейеридан пишлоғу бринзадан тортиб, шўбатгача бўлган 30 хилдаги юз фоизлик табиий маҳсулот чиқади. Сигирларни боқишда ҳам, сутни қайта ишлашда ҳам кимёвий қўшимчалардан умуман фойдаланилмайди.

“Panaev farms”да Бавария сигирларидан ташқари Австриянинг наслдор эчкилари, зотдор отлар боқилади. Испаниялик ҳамкорлар билан имзоланган 315 минг АҚШ долларилик шартномага асосан яқинда кунига 4 литр сут берадиган қўйлар Қораўзакка олиб келинади.

Инновацион ферма бошқаруви ҳам замонавий менежмент асосларига қурилган. Германиянинг аграр университетларида фермерларга менежментни ўргатган тажрибали мутахассис бугунги кунда Қорақалпоғистонда фаолият кўрсатаётир. Алишер Қурбоновга бу ерда илмига муносиб ойлик маош тайинланган. Унинг асосий вазифаси ривожланган давлатларда чорвачилик тармоғини самарали бошқаришда ўзини оқлаган тартиб-тамойил­ларни маҳаллий шароитда жорий этиш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатини қатъий назорат қилишдан иборат. Зеро, жаҳон тажрибасидан маълумки, бир донагина сифатсиз маҳсулот чиқарган корхона ҳамкорлар ишончини йўқотади, истеъмолчиларидан айрилади. Кейин сифатли маҳсулотини қанчалик тарғиб қилмасин, мижоз ҳақлигига асосланган бизнес оламининг “қора рўйхати”дан чиқиб кетиши мушкул бўлади.

Халқаро миқёсда ном қозонган экспертнинг Оролбўйига таклиф этилиши эса ходимларнинг “бир марта сифати сал бузилганига шунчами” қабилидаги эскича қарашларнинг барҳам топишига хизмат қилади.

Қаттиққўл отадан мерос дафтар

Тадбиркор кишилар кўп. Ўзини ишбилармон санайдиган одамлар ҳам кам эмас. Хўш, фаол тадбиркор деганда қандай инсонлар назарда тутилади?

Бу саволга ҳар ким ҳар хил жавоб қайтариши мумкин. Чунончи, А нуқтадан маҳсулот олиб, Б манзилда сотадиганларни ҳам, В бизнес субъектининг молига С бозорда харидор топишга кўмаклашаётганларни ҳам тадбиркор эмассиз, дейиш мушкул.Улар – ирмоқлар. Улар бирлашиб улкан дарёни, дарёлар денгизларни ҳосил қилади.

Фаол тадбиркорлар бу – хусусий капитал эвазига ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиб, янги иш жойлари – аҳоли учун барқарор даромад манбаи яратадиган, ён-атрофдагиларга нисбатан илғорроқ фикрлайдиган шахслардир.

Қутлимурат Панаев ҳам том маънодаги ишбилармонлик фаолиятини бошлагунча турли “кўча”ларда юрди. 21-22 ёшларида совуқ ўлкаларга қовун олиб бориб сотди. Қорақалпоғистоннинг шўр тупроғида пишган полиз маҳсулотлари у ёқларда жуда харидоргир эди. Қовун олиб борган “КАМАЗ”ига  Нукусда танқис нарсалар – электродлар, юк автомобиллари шиналари, турли русумдаги аккумляторлар ва кўплаб эҳтиёт қисмларни ортиб қайтарди...

КЕЛАЖАК – ТАДБИРКОРНИКИ! Бу Бердимурат аканинг ўтган аср 80-йиллари охири ва 90-йиллари бошида фарзандларига тез-тез такрорлаган гапи. Қаттиққўл ота айни пайт­да ўқимасдан бирон нарсага эришиб бўлмаслигини ҳам қатъий оҳангда таъкидларди. Ўзи ўқиган китобларнинг ибратли жиҳатлари ҳақида сўзларди. Газеталарда чиқаётган хабарларнинг мағзини чақишга, жамиятдаги янгилик-воқеалар қайси йўналишда ривож топишини таҳлил қилишга ўргатарди. Ҳар доим халққа хизмат қилиб обрў топган сулола номига доғ туширмаслик, Панаевларнинг бешинчи авлоди нуфузини сақлаш зарурлигини қайта-қайта уқтирарди.

Қутлимурат Тошкент техника университети Энергетика факультетида таҳсил олди. Диплом қўлга теккач, республика “Агрострой” бирлашмасининг таъминот бўлимига ишга кирди. Малакали устозлар кўмагида икки-уч йилда бошқарув кўникмаларини эгаллади. Буни сезган раҳбарлар ёш мутахассисни Бектемир темир-бетон буюмлари заводига директор этиб тайинлашди.

Очиғи, 27 яшар йигит дастлаб катта корхона ва юзлаб одамларни қандай бошқараман, дея бироз чўчиди. Лекин отасининг қимматли маслаҳатлари унга “йўл харитаси” бўлиб хизмат қилди. Қисқа муддатда завод кўрсаткичлари сезиларли равишда яхшиланди. Бекобод металлургия комбинати каби гигант корхоналар билан ҳамкорликни йўлга қўйди. 2000 йилда “Шуҳрат” медали, кейин “Ўзбекистон Респуб­ликаси мустақиллигига 10 йил” кўкрак нишони билан тақдирланиши унинг меҳнатига берилган баҳо эди. Бироқ, қувонч ва қайғу бирга юради, деганларидек айнан шу йили ҳар томонлама тиргак бўлиб турган суянчиғи, давлати, меҳрибон отаси оламдан ўтиб қолди...

Ўгиту насиҳатлар васиятга айланди. Буни тўғри тушунган Қутлимурат Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти ҳузуридаги давлат бош­қаруви академиясида ўз билимларини янада мустаҳкамлади. Беш-олти йил давлат идораларида масъул лавозимларда ишлади. Аммо уни Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривож­лантириш истаги, иқтисодиёт тармоқларини хусусийлаштириш орқали янгича механизмда бошқарув тизимини йўлга қўйиш мақсади тинч қўймасди.

Қизиғи шундаки, ғамхўр ота бу борада ҳам фарзандларга “йўл харитаси” яратиб кетган экан. Бердимурат аканинг ўлимидан сўнг унинг иш столидан топилган қимматли дафтар ҳозиргача ана шу вазифани ўтамоқда. Унда Қорақалпоғистон шароитида хусусий секторнинг қайси йўналишлари қандай фойда келтириши баён этилган эди. Қаерга қандай завод қуриш зарурлиги ҳам кўрсатилган эди...

Ака-ука Панаевлар дастлаб бор мол-мулкини гаровга қўйиб кредит олишди. “Уй-жой қурилиш” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этишди. Дастлаб уч киши билан фаолият бош­лаган компанияда ҳозир минглаб одамларнинг бандлиги таъминланган. Айни пайтда эса Қоратов ҳудудида барпо этилаётган “Титанцемент” қўшма корхонасини мустақиллигимизнинг 27 йиллигига тўёна сифатида топшириш мақсадида қизғин иш олиб борилмоқда.

Ишчи гуруҳининг амалий ёрдами

Болаликдаги илм тошга ўйилган нақшдай бўлади, деганлари рост экан. Қутлимуратнинг ҳайвонот оламига қизиқиши охир-оқибат унинг бизнес йўналишларида ҳам ўз сўзини айтди.

Кўп тармоқли замонавий фермаларни ташкил этиш – Оролбўйида истиқболли соҳа, фақатгина одамларнинг менталитетини ўзгартириш, уларни янгиликка интилишга ўргатиш керак, деган қарорга келгач, аввало, ўзи бу борадаги билимини янада оширди. Икки йил давомида Исроилда чорвачилик менежменти бўйича магистратурада ўқиди.

...Қутлимурат Панаевнинг чўл ҳудудларига мослашган автомобилида Нукусдан Қораўзак томон юрдик. Халқобод ва Чимбойни ортда қолдириб, қарийб бир соатдан сўнг белгиланган манзилга етиб келдик.

“Panaev farms” инновацион фермаси билан яқиндан танишув асносидаги суҳбатимиз илгари банклар тадбиркорларга яхши кўз билан қарамагани, энди эса нафақат молия муассасалари, балки ҳокимият вакиллари ҳам ишбилармонларга “Биздан нима ёрдам” деб келиб туриши таъкидланаётган жойида гурунгимизни телефон қўнғироғи бўлиб қўйди. Маълум бўлишича, республика ишчи гуруҳи шу ёққа келаётган экан. Туман ҳокими меҳмонлардан олдин етиб келганидан сездимки...

Тахминларим тўғри чиқди. Ҳукумат аъзолари ва Бош прокуратура мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳи фермага келиб, унинг фаолияти билан обдон танишишди. Қ.Панаевнинг режалари билан қизиқишди. Шу ернинг ўзида янги бизнес-режаларни амалга оширишга қаратилган топшириқлар берилди, яқин атрофда бўш турган иншоот “ноль” харид қийматида “Panaev farms” балансига ўтказиладиган бўлди.

Ишчи гуруҳи аъзолари давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида Мўйноқ туманида замонавий чорвачилик комплексини барпо этиш таклифини билдиришди. Кутилмаган таклифдан Қ.Панаевнинг боши қотиб турганида меҳмонлар мақсадни янада аниқ-равшан баён этишди:

– Бу лойиҳага 15 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади. Сиз ўзини оқлаган тажрибангиз орқали унинг самарали ишлаши, маҳаллий аҳоли учун янги иш жойлари – барқарор даромад манбаи яратилишини таъминласангиз бас. Хорижий ҳамкорлар топиш ва молия муассасалари билан боғлиқ масалаларни ижобий ҳал қилишни ишчи гуруҳ ўз зиммасига олади!

Меҳмонлар кетгач, “Panaev farms”нинг эгаси ўз ҳаяжонини яшира олмади:

– Авваллари тадбиркорлар давлат ва жамият учун фойда келтирадиган бирор лойиҳани амалга ошириш учун турли идораларнинг эшигини қоқиб, эрта келинг, индин келинг, деган иддаолардан сарсону саргардон бўларди. Айниқса, молия муассасалари билан ишлаш азобнинг ўзгинаси эди. Энди-чи? Мана, мухбир ука, ўз кўзингиз билан кўрдингиз – барча ташкилотлар раҳбарлари тадбиркорнинг олдига ўзлари келаяпти. Бунинг учун муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан бир умр миннатдормиз!

Анжумандаги мурожаат эсдан чиқмади(ми?)

Икки йилдан бери давлатимиз раҳбари тадбиркорларни астойдил қўллаб-қувватлаб, инвестиция киритадиган ва маҳаллий аҳолини иш билан таъминлайдиган ишбилармонларга барча шароитни яратиб беришга тайёрман, деб турибдилар.

Бердимурат Панаевдан фарзандларига мерос дафтарда “Келажак – тадбиркорники” дея такрор-такрор ёзилган.

“Президент ғоялари билан келажак сари” шиори остида O‘zLiDeP томонидан Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистон фаол тадбиркорлар анжумани”да бугунги кунда замонавий дунёнинг тараққиёт двигателлари, шак-шубҳасиз, тадбиркор ва ишбилармонлар эканлиги қайта-қайта таъкидланди.

Булар шунчаки ўхшашлик, шунчаки тасодиф эмас.

Буни Панаевларнинг каттаю-кичиги яхши билади. Шунинг учун ҳам улар O‘zLiDePнинг дастурий мақсадларини амалга ошириш жараёнида ҳам, турли лойиҳалар бўйича тарғибот тадбирларида ҳам фаол иштирок этишади. Айниқса, кенжа Темурбек шижоатли ёшлардан эмасми, ҳар жабҳада XXI аср техникаларидан фойдаланишни хуш кўради. Юқорида тилга олинган анжуманда қабул қилинган Мурожаат ҳақида гап кетиши билан телефонидан мазкур матннинг электрон вариантини очди – uzlidep.uz сайтидан юклаб олган экан.

Нафақат Қорақалпоғистон, балки Ўзбекис­тоннинг энг ёш ва истиқболли фаол тадбиркорларидан бири Қораўзак томонларда туриб аста ўқий бошлади:

“Давлатимиз раҳбарининг ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди, деган пурмаъно ўгитига таяниб, фаолиятимизни инновацион, яъни замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этадиган, бизнес фаолияти, ақл-идроки ва куч-ғайратини Ўзбекистон тараққиётига бағишлайдиган, фарзандларининг тақдирини шу жаннатмакон замин тақдиридан айри тасаввур қилолмайдиган, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариб, янги иш ўринлари яратиб бутун жамиятга наф келтирадиган фаол тадбиркор бўлайлик”.

Анжуман бўлиб ўтганига тўрт ойдан ошди. Фаол тадбиркорларимиз унда берилган ваъдаларни ўз вақтида бажариш иштиёқида фаолият кўрсатишяпти. Мамлакатимиз шимолида оилавий тадбиркорликка  илғор инновацияларни олиб кираётган Панаевлар хонадони бир мисол, холос.

...Биз кузатишда ва юзма-юз учрашишда давом этамиз. Кейинги манзил Хива туманининг Туркманистонга туташ қумлари бўлади. Шоирлар бийдай чўл, деб атайдиган барханлар бағрида қандай инновациялар жорий этилгани қизиқтираётган бўлса, сиз ҳам бизни кузатишдан тўхтаманг. Кейинги ҳафтадаги дийдор онлари айни шу мавзуга бағишланади.

Дарвоқе, ўнқир-чўнқир йўлларнинг тадбиркорликка таъсири хусусидаги мулоҳазаларимиз билан ҳам етти кундан сўнг танишасиз. Зотан, Хоразм воҳасида бу муаммо аллақачон пишиб етилибди. Айрим йўлларда ҳаракатланиш азобга айланибди...

Озод РАЖАБОВ,

“XXI asr” махсус мухбири


Напишите нам

Мы ответим на все интересующие вопросы